Мактабда ҳаммага бирдай қийин – болаларгаям, ота-оналаргаям, ўқитувчиларгаям. Нима учун, дейсизми? Соғлиқ ва асабларни йўқотишни камайтиришнинг иложи борми? Ҳатто мактабга яхши тайёрланган ҳамда физиологик ва руҳий жиҳатдан улғайган биринчи синф ўқувчилари учун ҳам мослашув даврининг дастлабки 2-4 ҳафтаси жуда қийин кечади. Бу пайтда боланинг ҳаёти тубдан ўзгаради: кун тартиби, кишилар билан ўзаро муносабатлар, янги талаблар ва янги вазифалар пайдо бўлади, асосийси эса, фаолиятнинг бошқа тури билан шуғулланишга тўғри келади.